Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ‒80-сон “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Фармони лойиҳасидаги

АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР

04.06.2024

I. Адлия вазирлигининг қўшимча 4 та янги фаолият йўналишлари белгиланди:

➢ аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

➢ жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

➢ фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш;

➢ давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиб бориш.

II. Адлия бўлимларига 6 та янги вазифа юклатилмоқда:

➢ аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш; Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб борилади

➢ уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқиш;

➢ “Online-mahalla” платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш;

➢ аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш;

➢ ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш;

➢ туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича методик ёрдам кўрсатиб бориш.

III. Босқичма-босқич 135 та туман (шаҳар)да “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил қилинади (73 та ташкил этилган).

IV. Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказишни самарали ташкил қилиш мақсадида:

➢ давлат органлари ва ташкилотларига ҳуқуқий ахборотни етказиш бўйича Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими ишга туширилади; 2 Тизим орқали давлат хизматчиларига ҳуқуқий ахборотлар етказилади, уларнинг қонунчиликдаги бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этишга ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлари қабул қилиб олинади.

➢ “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси жорий қилиниб, маҳалла раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмалари оширилади;

➢ маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳуқуқий тарғибот куни” ўтказилади;

➢ ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг узлуксиз касбий билимларини ошириш тизими жорий қилинади, мактабларда “Ҳуқуқ оламига саёҳат” ўқув дастурлари жорий этилади, “Ҳуқуқ билимдони” фан олимпиадаси, “Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказиб борилади;

➢ аҳолига долзарб қонунчилик ҳужжатлари ва бошқа ҳуқуқий маълумотлар тўғрисида уларнинг мобил қурилмаларига “SMS” хабарномалар юборилади.

V. Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан” ғояси асосида ёшларда турли салбий омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида:

➢ ёшларда қонунларга ҳурмат, мамлакатга дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳисси кучайтирилади;

➢ юридик таълим муассасалари талабалари томонидан ёшлар ўртасида “Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам” тадбирлари ўтказиб борилади;

➢ ёшларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган онлайн ҳуқуқий саводхонлик мактаби ташкил этилади.

VI. Адлия вазирлиги ҳар йили ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва методик таъминлаш бўйича манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастурини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади. Бунда:

➢ ҳуқуқни қўллашдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, “Lex.uz”га жойлаштириб борилади;

➢ давлат органларининг функциялари мақбуллаштирилади, уларга ички ҳужжатларининг намуналари тайёрлаб берилади ҳамда ходимларининг малакаси ошириб борилади.

VII. Юридик кадрлар тайёрлаш тизими такомиллашади. Бунда:

➢ Вазирлик ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг 4 та малака ошириш марказлари бирлаштирилиб, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилмоқда;

➢ ТДЮУ ҳамда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида адлия фаолияти соҳаларини илмий-методик ва консультатив жиҳатдан таъминланади;

➢ ҳуқуқни қўллаш соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ҳуқуқий муаммоларни жойига чиққан ҳолда илмий тадқиқ қилиш тизими жорий этилади;

➢ Наманган ва Самарқандда юридик лицейлар ташкил этилади;

➢ 2 080 та мактабда “Ҳуқуқ синфи” ва ҳуқуқ фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда “мактаб – лицей – техникум – университет” тизими жорий этилади.

VIII. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратилади:

➢ 13 та давлат хизматлари ДХМ ва Ягона портал орқали кўрсатилади, давлат хизматларининг 11 таси проактив, 7 таси композит шаклга ўтказилади;

➢ хусусий сектор вакилларига 15 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилади;

➢ йил якунига қадар давлат хизматларини кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг Face-ID усули қўлланилиб, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинади;

➢ янги давлат хизматлари кўрсатиш тартибини жорий этишдан аввал улар эксперимент тариқасида маълум бир ҳудудда апробациядан ўтказилади. Бунда эксперимент муддати 6 ойгача давом этади ҳамда натижаси бўйича хизмат кўрсатиш тўхтатилади ёки бутун республикада жорий этиш юзасидан Ҳукуматга таклиф киритилади;

➢ давлат органларининг давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ноқонуний маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади (2024 йил 1 июлдан 2026 йил 1 июлга қадар). Вазирлик ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида апелляция кенгашлари ташкил қилинади, уларга маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқиб, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати берилади.

IX. Вазирликнинг “Давлат хизматларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси негизида Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ташкил этилмоқда.

X. Интеллектуал мулк ҳимояcини таъминлаш мақсадида:

➢ электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномалар ДХМ ва Ягона портал орқали топшириш имконияти яратилади;

➢ интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади;

➢ Адлия вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

− интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда хулоса бериш;

− контрафакт маҳсулотларни яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини аниқлаш бўйича махсус ваколатли органлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш ва аниқланган контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш ва йўқ қилиш;

− интеллектуал мулк соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш.

XI. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги томонидан Аҳолининг ягона реестри шакллантирилиши ва юритилиши белгиланмоқда. Реестр Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотларининг ягона электрон базаси ҳисобланади. Давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа хизматларни кўрсатишда шахсга тааллуқли маълумотлар ушбу реестрдан олинади.

XII. Адлия вазирлиги ҳамда “Ўзархив” агентлиги тизимининг ташкилий тузилмалари тасдиқланмоқда.

XIII. Адлия органлари фаолиятини трансформация қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва норма ижодкорлигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси (6 та йўналишдаги 36 та чора-тадбир) тасдиқланмоқда. 16 та НҲҲ лойиҳаси (жумладан 1 та қонун, 6 та Президент қарори лойиҳаси) ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Хусусан, нотариат, суд экспертиза, юридик хизмат кўрсатиш ва архив иши соҳаларида ҳамда ТДЮУ фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори лойиҳалари ишлаб чиқилади.

XIV. 28 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига, шу жумладан 11 та Фармон ва 17 та қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

_